Ҳокимликлар Мустақиллик кунини ташкиллаштиришга юз миллионлаб маблағ ажратмоқда
Ўзбекистонда ҳокимликлар ва бошқа давлат ташкилотлари томонидан мамлакат мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Собиқ депутат Расул Кушербоев 28 август куни Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг маҳаллий бюджет захира фондидан мевали совға саватлари (ҳар бири 1 миллион сўмдан) учун 60 миллион сўм ажратиш тўғрисида фармойиш берганига эътибор қаратди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.
Шунингдек, фармойишда Урганч шаҳридаги «Авесто» боғи саҳнасини гуллар билан безаш учун 55 миллион сўм, боғни турли рангдаги 310 та байроқ (ҳар бири 500 минг сўмдан) билан безаш учун 155 миллион сўм, 35 дона байрам шарлари учун 87,5 миллион сўм, олтита телевизор учун 15 миллион сўм ажратиш кўзда тутилган. Жами харажатлар 372,5 миллион сўмга баҳоланмоқда.
«Газета.uz» ҳужжат билан танишишга уриниб кўрди, бироқ маълум бўлишича, гарчи E-Qaror порталида мудофаа, хавфсизлик, шахсий маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса-да, унга унга кириш имконияти чекланган.
Жиззах вилояти Дўстлик тумани маданият бўлими томонидан байрам тадбирларини ўтказиш учун 213 миллион сўм маблағ сарфланган. Жумладан, овоз ускуналари ижараси 28 миллион сўм, саҳнадаги LED монитор 65 миллион сўм, саҳна ва унинг безаклари ижараси 45 миллион сўм ва ҳ.к.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Kolorpak компаниясидан 6,02 миллион сўмлик конвертли 160 дона откритка буюртма қилган.
Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб Жиззах вилоятининг Фориш тумани ҳокими Икром Матиевнинг қарори билан бюджет даромадларининг ортиғи билан бажарилган қисмидан 38 нафар ҳокимлик, бошқармалар ходимларини ва кенгаш котибияти рағбатлантириш мақсадида қарийб 100 миллион сўм маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бекобод шаҳар ҳокими в.б. Насрулла Бобоев маҳаллаларда байрам тадбирлари, байрам дастурхони, совға-саломлар ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар учун Маданият ва туризм бўлимига захира жамғармасидан 50 миллион сўм ажратган.
Олмалиқ ҳокими Қобил Ҳамдамов байрамга тайёргарлик кўриш, саҳнани безаш, ташвиқот баннерлари учун 13,7 миллион сўм ажратган. Кейинроқ яна 135 миллион сўм ўтказишни буюрган.
Бошқа туман ва вилоятларда ҳам ҳокимлар томонидан Мустақиллик байрамини нишонлаш учун ўнлаб миллион сўмдан юз миллион сўмгача маблағ ажратилмоқда.
Шарҳлар