ОКМК Тошкентдаги чанг манбаси унинг кони эканини рад этди

Фото: podrobno.uz

Тошкент вилоятида жойлашган Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) «Эффект Макаренко»Телеграм каналидаги Тошкент чанглашишининг асосий сабаби комбинат «Ёшлик I» конининг янги участкасида тозалаш ишларини бошлагани ҳақидаги хабарини рад этди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Комбинат баёнотида айтилишича, кондаги тоғ жинсларини тозалаш ва рудаларни қазиб олиш учун бурғулаш ва портлатиш ишлари «норматив талабларга мувофиқ» амалга оширилади.

«Кон очиш ишлари тоғ жинсларини, диоритлар ва сиенито-диоритлар туб жойлашувлари, шунингдек рудаларни қазиб олиш учун амалга ошириб борилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш зарурки, туб жинсларининг қаттиқлиги Протодьяконов шкаласи коэффициенти бўйича кон майдонида IХ дан ХIV гачани ташкил қилади. Ер тупроқ (лойсимон) жинсларини қазиб олишда бурғулаш ва портлатиш ишлари олиб борилмайди, фақат тоғ жинсларининг эксковацияси олиб борилади. Кон майдонида гипс жинслари йўқ, чангни бостириш учун тош массасига сув сепиш ишлари ташкил этилган», — дея қайд этган ОКМК. 

Шунингдек, СанПиннинг №0350−17-сонли «Ўзбекистон Республикасининг аҳоли яшайдиган ҳудудларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария нормалари ва қоидалари», «Рангли металларни қазиб олиш учун чиқинди тўплаш омборлари ва шламйиғгичлар» (6.1.3-банд) низомларига мувофиқ, 500 метрлик санитария муҳофазаси зонасига риоя қилиниши таъминлангани айтилган.

«„Ёшлик I“ кони Олмалиқнинг жанубий қисмида, Тошкент шаҳридан 61,4 км масофада (азимут йўналиши 333 градус), Тошкент ундан шимолроқда жойлашган. Шамолнинг ўртача йиллик тезлиги ҳудудда 1,2 м/секундга тенг, унинг ортиб кетиш эҳтимоли 5% ва 5 м/секундгача тенг булиши мумкин. Шамолнинг асосий йўналиши — устунлиги шарқда (азимут 90 градус) ва жанубий-шарқда (азимут 120−135 градус)ни кўрсатиши Тошкент шаҳри географик жиҳатдан шамол эсадиган ҳудудда жойлашмаганлигини исботлайди», — дейилади комбинат хабарида.

«Конларни ўзлаштириш учун лойиҳа олди лойиҳа ҳужжатларида экологик хавфларнинг юзага келиши ва атроф-муҳитга таъсирининг олдини олиш чоралари ҳисобга олинган ва бажарилаётган ишларнинг атроф-муҳитга таъсирининг олдини оладиган чоралар кўрилган», — дейилган ОКМК баёнотида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.