Октябрь ойидан йирик корхоналар учун энергия ресурсларининг нархи оширилмоқда
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳукумат қарорининг лойиҳасига кўра, 1 октябрдан юридик шахслар учун газ ва электр энергияси нархлари оширилади.
Аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи аввалгидек – 295 сўм бўлиб қолади.
Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг тузилмавий корхоналари, шунингдек, бюджет ташкилотлари ва насос станциялари каби I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмгача (2,2 баравар), бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар) этиб белгиланди.
Кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун овқат тайёрлаш учун марказлаштирилган электр печкалари ўрнатилган тарифлар ўзгаришсиз қолади – 147,5 сўм.
Шунингдек, аҳоли учун бир кубометр табиий газ нархи ўзгармайди – 380 сўм.
Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзметкомбинат ва бюджет ташкилотлари каби юридик шахслар учун газнинг бир кубометри нархи 660 сўмдан 1800 сўмга (2,7 баравар), бошқа юридик шахслар учун эса 660 сўмдан 1500 сўмгача (2,3 баравар) ошди.
Аҳолига суюлтирилган газ тарифи аввалгидек – 1120 сўм бўлиб қолади.
Ўзбекистонда охирги марта газ ва электр энергияси тарифлари 2019 йилнинг августида оширилган эди. Энергия нархларини либераллаштириш ва энергетика секторини ислоҳ қилиш режалари бир неча бор кейинга қолдирилди. Расмийлар 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу қарор кейинга қолдирилади. 2020 йил октябрь ойида президент 2021-2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифасини қўйгани маълум қилинганди.
Шарҳлар