Олиб кирилиши тақиқланган «LED» чироқлар қўлга олинди
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси матбуот хизмати Anhor.uzга хабар беряпти.
Унга кўра, пост ходимлари томонидан хориждан юртимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган “Пластмасса қандил ва девор чироқлари” товарлари уларга тегишли юк ҳужжатлари билан ўзаро солиштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилди.
«Натижада, юклар орасида тахминий қиймати 305 млн. сўмлик, энергия самарадорлиги «B» тоифасига кирувчи ёруғлик чиқарувчи диодлар (LED) товарлари борлиги аниқланди», – дейди матбуот хизмати раҳбари Отабек Одилов.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 4422-сон қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб энергия самарадорлиги «B» ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шарҳлар