Олий Мажлис Қонунчилик палатаси уйларга Ўзбекистон байроғини осишга рухсат беришни таклиф қилди

Источник: unsplash.com

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилди.

Ҳозир Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарларнинг кабинетларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳужжатлари ёки реклама материалларининг реквизитларига байроқ элементларини киритиш тақиқланган. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари байроққа ўхшаш бўлиши мумкин эмас. Байроқ тасвирини акс эттирувчи рамзлардан товарлар, ишлар ёки хизматларни реклама қилишда тижорат мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин эмас.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг байроқдан фойдаланиши қонун ҳужжатларида батафсил кўрсатилмаганлиги сабабли, юқоридаги ҳаракатлар қонунбузарлик деб топилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддасига асосан 990 минг сўмдан 2,3 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳужжатда байроқдан спорт мусобақалари, оммавий спорт тадбирлари, маданий ва бошқа оммавий тадбирлар, оилавий байрамлар, унутилмас саналар ва бошқа тадбирларда фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилган.

Шунингдек, байроқдан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда ва автомобиль салонларида фойдаланиш имкониятини белгилаш таклиф қилинмоқда. Ўзгартиришлар, шунингдек, айрим ҳолларда байроқ ва унинг тасвири туширилган рамзлардан “Ўзбекистонга тегишлилик белгиси сифатида” фойдаланишни ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, ҳужжатда давлат байроғига ҳурматсизлик қилишга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатларни аниқ белгилаш таклиф қилинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.