Олий Мажлиснинг навбатдаги мажлисида Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, қайси соҳага қанча пул ажратилмоқда?

Foto: Oliy Majlis

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар билдирган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасига бир қанча концептуал аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари билдирган таклифига мувофиқ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 35,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи “Тирик тарих” фильмлар туркумини яратиш ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кўрсатилаётган маданий дастурларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қўшимча 40 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши учун моддий-техника базасини яхшилаш бўйича берган таклифлари асосли деб топилиб, қўшимча 3,1 млрд. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

ЎзХДП фракцияси томонидан билдирилган таклифга мувофиқ республикада миллий малака тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, малакага бўлган талабларни ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил этиш харажатлари учун қўшимча 10,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Экологик партияси фракцияси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш бўйича билдирган таклифи қаноатлантирилиб, ушбу лойиҳа учун қўшимча 100 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, фракция аъзоларининг таклифига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида ўрмончилик соҳаси илмий-тажриба станциясини ташқил этиш харажатлар учун қўшимча 9,5 млрд. сўм маблағлар ажратиладиган бўлди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.