Bo'limsiz

Олий суд кассация инстанцияси нашида туфайли қамалган талабага ўқилган ҳукмни юмшатди

Фото: Соцсети

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси 10 кишилик Telegram-гуруҳга диний мазмундаги қўшиқ (нашида) ҳаволасини юборгани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартирди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

28 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида қуйи судлар Жаҳонгир Улуғмуродовга оид жиноят иши тафсилотларини тўғри аниқлаб, унинг айблилиги ҳақида асосли хулосага келгани қайд этилди.

«Кассация судлов ҳайъати, иш бўйича Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди», — дейилади хабарда.

Шу тариқа Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 28 июлдаги ажримига мувофиқ Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 24 февралдан 2023 йил 28 июлга қадар қамоқда сақланган 5 ой 4 кун Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.

Жаҳонгир Улуғмуродовга озодликни чеклаш жазосини яшаш жойи бўйича ўташ белгиланиб, соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш тақиқланди. Жаҳонгир Улуғмуродов дарҳол жазони ижро этиш жойларида қамоқдан озод қилиниши белгиланди.

Адвокат А. Абдуллаевнинг ҳимояси остидаги Жаҳонгир Улуғмуродовни оқлаш ҳақидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.