Бугун Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади
Бугун, 26 июль куни Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтадиган мазкур йирик спорт анжуманида жаҳоннинг 206 та мамлакатидан 10 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этади. Қувонарлиси, улар сафида юртимизнинг 90 нафар энг моҳир атлети 19 та спорт турининг 75 та йўлланмаси доирасида “Париж-2024” медаллари учун кураш олиб боради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби ёзмоқда.
Таъкидланишича, олимпиячиларимизнинг 36 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу йил анъанавий спорт турларидан ташқари илк бор футбол, сувга сакраш, камондан отиш, аёллар кураши баҳсларида иштирок этмоқдамиз.
Спортчиларимиз таркибида 4 нафар Олимпиада чемпионлари — Улуғбек Рашитов (таэквандо), Акбар Жўраев (оғир атлетика), Баҳодир Жалолов (бокс), Ҳасанбой Дўсматов (бокс) иштирок этади.
Делегациямиз байроқдорлари — Абдумалик Халоков (бокс) ва Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик).
Атлетларимизнинг энг ёши катта аъзоси Ольга Забелинская (44 ёш, велоспорт) ҳисобланса, энг ёши кичкинаси — Амалия Мамедова (15 ёш, бадиий гимнастика)дир.
Қувонарлиси, Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футболимиз тарихида илк бор бундай нуфузли мусобақада иштирок этмоқда. Вакилларимизга гуруҳ баҳсларида Европа гранди — Испания, Эҳромлар юрти — Миср ҳамда Доминикан Республикаси футболчилари рақиблик қиляпти.
Эътиборлиси, бу йилги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими биринчи марта стадион ташқарисида ўтказилади. Тадбирда 10 минг 500 нафар спортчи Сена дарёси бўйлаб қайиқларда Париж марказидан сузиб ўтади.
Ушбу очиқ ҳаво концепцияси “Париж-2024”ни томошабинлар сони ва географик қамрови жиҳатидан энг катта очилиш маросимига айлантириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 3 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритган эди.
Шарҳлар