Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди

Foto: Bosh vazir matbuot xizmati

2 июль куни Олимпия шон-шуҳрати музейида ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев томонларидан жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига спортчиларнинг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида барча шарт-шароитлар яратиб берилгани таъкидланиб, Давлатимиз раҳбари йигит-қизларимизни турнир давомида ҳам қўллаб-қувватлаб туришлари маълум қилинди.

Мамлакат тарихида илк бор футбол жамоаси Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбир давомида Олимпия ўйинларида мамлакат делегациясининг байроқдорлари – боксчи Абдумалик Халоқов ва қиличбоз Зайнаб Дайибековага Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи топширилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.