Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклиф этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ва ўрганиши мураббийларнинг билим ва маҳоратига боғлиқ бўлганлиги боис педагогларнинг малакасини оширишга зарур шароит яратилиб, баҳолаш тизими такомиллаштириб борилмоқда. Мутасаддилар аввало шу ҳақда ахборот берди.
Аттестацияда илғор технологияларга асосланган янги тартиб жорий этилган. Унда 190 мингдан зиёд ўқитувчилар қатнашиб, шундан 51 минг нафарининг тоифаси оширилган.
2025-йил сентябрдан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифи билдирилди.
Аттестациядан ўтолмаган, тажрибаси етарли бўлмаган ўқитувчилар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Президент мактаби тажрибаси асосида, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида боғча ва мактабларнинг раҳбар ҳамда педагогларини ҳар 5 йилда малакасини ошириш тизими йўлга қўйилиши белгиланди”, – дейилади хабарда.
Ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежини Малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказиб, хориждан тренерларни жалб этиш вазифаси қўйилди ва кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари негизида боғча ва мактаблар, техникумлар, “Баркамол авлод” мактаби ташкил қилиниши айтилди.
Илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ўтган йили 500 та мактабда Президент мактаби баҳолаш тизими жорий этилган эди. Бунинг самарасида улардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши 53 фоиздан 59 фоизга ошган. Юқори натижага эришган мактаблар раҳбарияти ва ўқитувчиларига 40 фоизгача устама белгиланган.
Шу боис ушбу баҳолаш тизими янги ўқув йилидан яна 1 мингта мактабда қўллана бошлайди. Уларга 182 та ихтисослашган ҳамда 500 та тажрибадан ўтган мактаб бириктирилади.
Шунингдек, 270 та мактаб интерактив доска, 365 таси компьютер синфлари билан жиҳозланади.
Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабларида халқаро услубларни жорий этиш, ўқув ва машғулотлар сифатини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Давлат раҳбари педагоглар тайёрлаш сифатини ошириш, адолатли баҳолаш ва рағбат тизимини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шарҳлар