Олмалиқдаги бир нечта хонадонга келадиган водопровод сувига кушхонадан қон тушгани маълум бўлди
Тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ичимлик сувига қон қўшилиб оқаётгани айтилган видеомурожаат тарқалди, деб ёзади «Газета.uz».
Унда айтилишича, ичимлик суви тушиши керак бўлган крандан қон оққан. Бу ҳолат юзасидан уй эгалари бир неча маротаба мурожаат қилган, аммо муаммо ҳал этилмаган.
«Сувимизга труба ёрилиши оқибатида кушхонанинг ҳамма қонлари оқиб келиб, қўшилиб кетади. Биз шуни ҳар доим ичиб, касал бўляпмиз… Кўряпсиз, қон оқяпти, ҳиди сассиқ. Болалар ичиб, касал бўляпти», — дейилади видеомурожаатда.
Шаҳар ҳокимлиги бу мурожаат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, Олмалиқ шаҳрининг Рамазон маҳалласидаги бир неча хонадондаги ичимлик суви жўмракларидан қонли сув оқиши кузатилган.
«„Сув таъминоти“ корхонаси масъулларининг ҳолат юзасидан дастлабки маълумот беришича, бу кушхонадаги оқова сув ва ичимлик сув қувурининг тешилиб, ўзаро қўшилиб кетиши сабабли кузатилган», — дейилади хабарда.
Ҳокимлик ҳолат масъуллар томонидан назоратга олиниб, таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Дарё»нинг ёзишича, ичимлик суви қувури янгиланмоқда.
«15 та хонадон вақтида имкониятидан келиб чиқиб, қувур тортган ва хонадонларига ичимлик сувини олиб борган. Ўтган вақт давомида қувур чириб, тешилган ва кушхонадан чиққан сувлар билан аралашиб, шундай ҳолат юзага келган. Айни пайтда муаммо бартараф этилмоқда. Ичимлик суви қувури янгиланмоқда», — деган «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати раҳбари Акбар Тоҳиров нашр сўровига жавобан.
Қўшимча қилинишича, воқеа жойига санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари ҳам етиб бориб, вазиятни ўрганмоқда.
Шарҳлар