Олмалиқ кон-металлургия комбинати устав капитали 10 млн сўм бўлган компания билан 2,15 трлн cўмлик шартнома имзолади
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти «Ёшлик-I» конида 2 152 558 240 000,00 (икки триллион бир юз эллик икки миллиард беш юз эллик саккиз миллион икки юз қирқ минг сўм)) қийматидаги 95 миллион м³ тоғ массасини ташиш бўйича шартнома имзолади. Ушбу шартноманинг амал қилиш муддати етти йил.
Бу шартнома Ўзбекистон давлат харидлари тарихидаги энг йирик ва энг давомий шартнома бўлиши мумкин. Таққослаш учун, жорий 2023 йил учун Очиқ бюджетнинг (Open Budget) биринчи мавсуми доирасида республика бўйича 1666 та лойиҳани амалга ошириш учун давлат томонидан 1,5 триллион сўм ажратилган.
Давлат харидлари порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, ушбу №22120006155074 лоти бўйича тендер 2022 йил октябрь ойида ўтказилган.
Ушбу мега тендерда иштирок этиш учун талабгорлар 2 миллиард 600 миллион сўм миқдорида депозит тўлаши ёки банк кафолатини тақдим этиши керак эди.
Тендерда икки компания иштирок этди ва натижаларга кўра MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ ғолиб деб топилди.
Статистика агентлиги реестрига кўра, MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖнинг устав капитали 10 миллион сўмни ташкил этади, компаниянинг асосий фаолият тури – “турар жой бўлмаган биноларни қуриш”.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати матбуот хизмати Anhor.uz таҳририятининг сўровига жавобан «Ёшлик-I» конида тоғ жинслари массасини ташиш бўйича пудратчи ташкилотни танлаш “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ онлайн режимда амалга оширилганини билдирди.
ОКМКдан 7 йил муддатга мўлжалланган 2 триллион сўмдан ортиқ йирик ва давомий муддатли ишларни нима учун битта пудратчига топширишга қарор қилингани ҳақидаги саволга жавоб берилмаган.
Бироқ, ОКМК матбуот хизмати телефон орқали суҳбатда қўшимча равишда «Ёшлик-I» конида MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖнинг 50 га яқин оғир техникаси доимий асосда ишга жалб этилгани ва ҳар ойда пудратчи томонидан амалга оширилган ҳақиқий ишларнинг натижалари бўйича тоғ массаларини ташиш хизматлари учун тўлов амалга оширилаётгани ва иш шартнома талабларига мувофиқ бажарилаётганини маълум қилди.
«Ёшлик-I» кони Олмалиқ шаҳри яқинида, Курамин тизмасининг шимолий ён бағрида жойлашган бўлиб, 11 минг гектар майдонни эгаллайди. Бу коннинг асосий фойдали қазилмаси мис ҳисобланади.
Конни ўзлаштириш бўйича ишлар президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 2017 йилда бошланган эди. Айнан ўша пайтда у ҳозирги номини олди, бундан олдин майдон «Дальний» деб номланган.
Мирзо Субханов
Шарҳлар