Олмалиқ ва Чирчиқ чегараларини ўзгартириш масаласи Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси 2021 йил 25 июнь куни чақирилади. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар шулар жумласидандир. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар беради.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Расмий статистика тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Шарҳлар