Бойсундаги конда олтингугурт сизиб чиқиши тўлиқ тўхтатилди
Сентябрь ойи бошида таркибида водород сульфид юқори бўлган табиий газ сизиб чиққан “Мустақиллик-25” конидаги 604-сонли қудуқни сўндириш жараёни ўз ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Шу мақсадда табиий газнинг сизиб чиқишини олдини олувчи ускунанинг қўшимча блоги қурилиб, ўрнатилди.
Қудуқ герметикланди ва 15 сентябрь куни соат 16:50 да табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати тўлиқ сўндирилди.
Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига ўзбекистонлик, шунингдек, Россия ҳамда АҚШлик экспертларнинг ташрифи уюштирилди.
Ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф юзага келмаган.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни соат 15:17 да Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сон қудуғида бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилган, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган эди.
Шарҳлар