,

Олжас Бектенов Қозоғистоннинг янги бош вазири этиб тайинланди

Фото: Central asia

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев парламент қуйи палатаси мажлисига Олжас Бектеновни бош вазир лавозимига тайинлашни таклиф қилди. Қозоғистон парламенти унинг номзодини маъқуллади. Токаев янги бош вазирни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, ҳужжат унинг сайтида эълон қилинди.

43 ёшли Бектеновнинг бош вазирликка номзоди президентга ҳукмрон «Аманат» партияси томонидан таклиф қилинган. Олжас Бектенов 2023 йил апрелидан президент маъмуриятини бошқариб келаётганди, бунгача эса Адлия вазирлигида ишлаган ва коррупцияга қарши курашиш департаментини бошқарган.

Қозоғистон президенти ҳукумат “дадил ва қатъий қарорлар қабул қилиши”, янги воқеликка мослашиши ва янги чақириқларга қарши туриши кераклигини айтади.

“Бизнинг олдимизда ҳақиқатан ҳам жуда катта мақсад ва вазифалар турибди, биз уларни тезда амалга оширишни бошлашимиз керак. Келгуси йилларда бизга янги позициялар, янгича қарашлар керак. Шунинг учун (ҳукумат) таркиби ўзгаради, янги одамлар тайинланади”, — деди Қосим-Жомарт Токаев.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.