Омбудсман офиси Қорақалпоғистонда ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида илк бор расман хабар берди

Источник: офис омбудсмана

Қорақалпоғистонда июль ойи бошидаги воқеаларни тергов қилиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қилаётган омбудсман Феруза Эшматованинг офиси биринчи марта ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди, деб ёзади «Газета» нашри.

16 август куни Феруза Эшматова Нукус воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан учрашган.

«Қорақалпоғистондаги воқеа ва ҳолатлар бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида адвокатларнинг фикрлари ўрганилди. Хусусан, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинди», — дейилади омбудсман матбуот хизматининг 17 августдаги хабарида.

Аввалроқ, комиссия аъзолари намойишлар пайтида қўлга олинган шахсларга ҳимояланиш ҳуқуқининг таъминланганлик ҳолатини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатасининг ҚР ҳудудий бошқармаси вакиллари билан учрашишганди.

Шунингдек, тергов хоналарининг видео кузатув камералари билан таъминланганлиги ва адвокатларнинг видеоёзувларни сўраб олиш ҳуқуқидан фойдаланганликлари бўйича маълумот олинди.

Шу куннинг ўзида комиссия штабига келган 20 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинди.

«Газета.uz» июль охирида Нукусдан тайёрлаган репортажида ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги, шу жумладан, уларнинг айримлари вафот этганлиги ҳақида ёзганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.