Омбудсман ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинади
Ўзбекистон президенти Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида экспертлар гуруҳи базасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилишни кўзда тутувчи қарорни имзолади. Ушбу гуруҳларнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
–гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (кейинги ўринларда – ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар) қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;
– ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;
– қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;
– қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
– қийноққа солиш ҳолатларини экспертлик баҳолаш масалалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
– қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишида иштирок этиш;
– қийноққа солиш хавфининг олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
Ички ишлар вазирлигига 2021 йил 1 декабрга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини шакллантириш тартибини ишлаб чиқиш ва самарали йўлга қўйилишини таъминлаш топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказига Омбудсман ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факультатив протоколи”га (Нью-Йорк, 2002 йил 18 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш чораларини кўради.
Шарҳлар