Она тили ва адабиёт ҳамда тарих ўқитувчиларига 50 фоиз устама берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши белгиланди.
Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилади, бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилиши ҳам қайд этилган.
2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши белгиланди.
Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллик Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Умарова зиммасига юклатилди.
Шарҳлар