Қўқонда ноқонуний кончилик хўжалиги аниқланди

Фото: Региональные электрические сети

«Фарғона ҲЭТК» АЖ ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида айни кунларда ҳудудларда истеъмолчиларнинг ноқонуний электр энергиясидан фойдаланишларини олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Бу хақда ахборот хизмати хабар беряпти.

Қўқон шаҳрида ўтказилган навбатдаги тунги рейд тадбири давомида шаҳарнинг «Аччиқкўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган паррандачилик цехида фуқаро М.Н. электр ҳисоблагичсиз, ўзбошимчалик билан майнинг қурилмалари, совутиш ва ёриткич мосламалари ҳамда бошқа электр қурилмаларини тўғридан-тўғри электр тармоғига улаган ҳолда, ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланган ҳамда мазкур ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилган.

«Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, М.Н. томонидан “Фарғона ҲЭТК” АЖ манфаатига 2,8 млн.kVt. ёки 2,5 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳукуматнинг тегишли қарорларига асосан ноқонуний фойдаланилган майнинг фермаларига нисбатан 5 баробар ўсувчи коеффициент қўлланиб, 12,3 млрд сўм маблағ ундиришга ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарга 5 баробар ўсувчи коеффициент билан жарима тариқасида 9,9 млрд сўм қўшимча хисоб-китоб қилинди», – дейилади хабарда.

Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.