Қўқондаги “Тепақўрғон” ёдгорлигини туристлар учун масканга айлантириш учун 10 миллиард сўм ажратилади
Қўқондаги “Тепақўрғон” археологик ёдгорлигини туристлар учун жозибадор маршрутга айлантиришга 10 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Янги ўқув йилидан Қўқон университети туризм факультетида Италия, Франция ва Швейцария ўқув дастурлари жорий қилинади, хорижий мутахассислар олиб келинади.
Душанбадан бошлаб янгиланган Қўқон аэропортидан Тошкентга ҳар куни, Самарқанд, Бухоро ва воҳа шаҳарларига эса ҳар ҳафта авиақатновни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Марғилонда ҳам аҳоли сони ошиб, тадбиркорлик ривожланиб бораётгани унинг инфратузилмасини кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Сўнгги беш йилда Марғилонда 1 минг 164 та хонадонли 33 та уй қурилди, холос. Ҳозирни ўзида 5 мингта хонадонга талаб мавжуд.
Шу муносабат билан шаҳарда 30 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви, савдо комплекси ва бизнес маркази, 2 та мактаб, 6 та боғча ва 2 та клиника қурилади.
Бундан ташқари, 20 гектар ҳудудга “Бурхониддин Марғилоний боғи” кўчирилади, яна 50 гектарда саноат зонаси ташкил қилинади.
Марғилонга ҳар йили 250 минг ички ва 75 минг хорижий туристлар келмоқда. Бу кўрсаткичларни янада ошириш учун меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш жойларини кўпайтириш зарур.
Шу боис, Марғилонда 5 та меҳмонхона, Шоирлар ва санъаткорлар хиёбони, Мақом театри, 50 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Шунингдек, Пичоқчи маҳалласидан жой берилса, маҳаллий тадбиркорлар 240 ўринли замонавий 2 та меҳмонхона қуриш ва ҳудудни туризм масканига айлантириш таклифини берган.
Умуман, Марғилон ҳокимлигига айтилган имкониятлар ҳисобига жорий йилда туманга 300 миллион доллар инвестиция жалб этиш ва 50 минг янги иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар