«Онлайн маҳалла» сайтини ишлаб чиқишга шартнома тендерсиз тузилгани маълум бўлди
«Онлайн Маҳалла» платформасини ишлаб чиқиш қиймати 8,4 миллиард сўмни (755 минг доллар) ташкил этди. Бу ҳақдаги маълумот Давлат харидлари электрон тизимига жойланди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади
18 май куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги «Realsoft» компанияси билан «Онлайн маҳалла» веб-сайтини (online-mahalla.uz) ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган.
Истисно тариқасида «платформани қисқа муддатда ишга тушириш учун» тендер (танлов)сиз тўғридан-тўғри шартнома тузишга қарор қилинган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги 820-Ф-сон қарори асос қилиб олинган.
Агентлик юридик маслаҳатчиси шартномада Realsoft етарли малака ва тажрибага эга ва энг йирик IT-компаниялардан бири саналиши таъкидлаб ўтган.
Ҳужжат спецификациясида сайтни ишлаб чиқишда 6 соатдан 325 кун ишлаган 45 киши иштирок этгани (96 минг киши/соат) айтилади. Ана шундай иш кўламидан келиб чиқиб, 8,4 миллиард сўмлик нарх шакллантирилгани қайд этилган.
Битим коррупцияга қарши ва гендер экспертизасидан ўтказилгани айтилади.
Шарҳлар