Қонун маъқулланди: Психологик ёрдам кўрсатишга фақат мутахассислар ҳақли
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқуллангани ҳақида ССВ хабар бермоқда. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишга қандай зарурат бор?
Ялпи мажлисда маъруза қилган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хуршид Фозилов бу мавзу юзасидан қуйидагиларни билдирди.
Бугун сохта психологлар кўпайиб кетди, — дейди мутахассис. — Улар асосан ижтимоий тармоқлар, турли жозибадор эълонлар орқали мижозлар топишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ўз “хизмат”ларини таклиф этаётганларнинг ҳаммаси ҳам профессионал ва малакали мутахассислар эмас.
Сифатсиз психологик хизмат эса жамият учун жиддий хавф. Бу соҳада нотўғри маслаҳат ва тавсиялар нафақат мурожаат қилувчилар муаммолари ҳал бўлмаслиги, балки ижтимоий муносабатлар янада ёмонлашиши, ҳатто оилалар бузилиб кетишига олиб келиши сир эмас.
Шу маънода, ўзини “психолог”, “профессионал коуч”, “мураббий” атаб, ном қозониш ва мўмай даромад топиш илинжида мазкур соҳага суқилиб кираётганлардан аҳолини ҳимоя қилиш зарур. Бунинг ўрнига, профессионал психологлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларни қўллаб-қувватлаш лозим. Юқорида тилга олинган Қонун айни шу мақсадда, хорижий тажриба, халқаро амалиётни чуқур ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди.
Қонунда психологик ёрдам кўрсатувчи субъектлар доираси белгиланмоқда (булар давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ишловчи психологлар ёхуд ушбу соҳада хусусий тартибда фаолият олиб борувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар).
Давлат томонидан бепул психологик ёрдам кафолатланадиган шахслар тоифалари кўрсатиб ўтилмоқда. Шунингдек, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунга кўра, психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар эга бўлиши белгиланмоқда.
Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олганидан кейин давлат органларида, шу жумладан таълим ташкилотларида тегишли психологик ёрдам турларини белгиланган тартибда кўрсатишга ҳақли бўлиши кўзда тутиляпти.
Шунингдек, хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган психологларнинг жамоат бирлашмаси томонидан малака сертификати берилган психологларга рухсат этилиши қайд этилмоқда.
Қонунга асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча психологлар учун мажбурий бўлган “Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари” ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Психологларнинг жамоат бирлашмалари психологларнинг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлайди ҳамда унга риоя этилишининг тизимли мониторингини таъминлайди.
Шу билан бирга, психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Шарҳлар