Қонунчилик палатаси эшакни “истеъмол қилинадиган ҳайвонлар” рўйхатига киритди
Ҳужжат уй ҳайвонларини идентификация қилиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишни назарда тутади.
Шунингдек, ҳайвонларни рўйхатга олиш тизими, ҳайвон зоти ва унинг соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон тизим яратилиши, албатта, амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳисобга олиш ва кузатиш бўйича мутахассислар, атрибутларни ишлаб чиқарувчилар, идентификация рақамларини сақлайдиганлар ва ҳайвонлар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг асосий афзалликларидан бири озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашдир. Шу сабабли гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби истеъмол қилинадиган ҳайвонлар турларидаги юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш, шунингдек, эпизоотик фаровонликни таъминлаш мақсадида ит ва мушукларни идентификация қилишни ўтказиш таклиф этилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ички ва ташқи бозорда чорвачилик маҳсулотлари прогнози бўйича маълумотлар базасини яратиш, истеъмол учун ишлаб чиқарилган барча чорвачилик маҳсулотлари, шунингдек, уларнинг эгалари томонидан ҳайвонларга кафолатланган эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида маълумотлар олиш имконини беради.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида депутатлар унда назарда тутилган янгиликлар чорва молларини идентификация қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларни сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, эпизоотик осойишталикни таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шарҳлар