Қонунчилик палатаси манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий хавф-хатарларнинг бартараф этилишига, энг асосийси — давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олди олинишига хизмат қилади, дейилади хабарда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхоновнинг ўзининг Телеграм-каналида ёзишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат хизматида минглаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари аниқланган. Бироқ ҳозиргача манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси ёки унга йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар мавжуд эди.
Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг май ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Унга кўра, жумладан, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартиби белгиланмоқда, бунга амал қилмаганлар эса жаримага тортилади. Антикоррупция агентлигига маъмурий баённома тузиш ваколатини бериш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, давлат ташкилоти ходими ёки унинг яқин қариндоши акциядори, муассиси (иштирокчиси), бошқарув органи аъзоси ҳисобланадиган юридик шахс ушбу ходимларга алоқадор шахс ҳисобланиши, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар, яъни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари белгиланмоқда.
Қонун қабул қилиниши учун 115 депутат овоз берган, 1 нафари – қарши, 2 нафари – бетараф, 4 нафари эса овоз бермаган.
Шарҳлар