Қорақалпоғистонда «Адлия сайли» ҳуқуқий акцияси ўтказилди
Адлия вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида одамларга ҳуқуқини англатиш мезонига асосланган тадбирлар тез-тез ташкил этилмоқда. Айни шундай тадбирлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан 18 сентябрь куни Нукус шаҳридаги Моно марказда ўтказилди. Ушбу «Адлия сайли» ҳуқуқий акциясида ҳам аҳолининг катта қатлами қамраб олинди.
Тадбирга келган фуқароларни адвокатлар, нотариуслар, суд тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кутиб олишди ва уларни қийнаб келаётган ҳар хил муаммоларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Сайилга фуқаролар, адлияга бириктирилган ёшлар, Нукус шаҳрида жойлашган барча олий ўқув юртлари, техникумлар, мактаблар, Ички ишлар академияси, Темурбеклар мактабидан жами 2000 га яқин аҳоли ташриф буюрди.
Дастлаб, тадбир «Саломатлик учун беш минг қадам» лойиҳаси билан бошланиб, лойиҳа иштирокчилари манзилга етиб келганидан сўнг давлат мадҳияси янгради.
Шундан сўнг, сайил давомида совринли викториналар, спорт мусобақалари, маданият ходимларнинг концерт дастури, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, Ҳунармандлар уюшмаси кўргазмаси, сайёр қабуллар, меҳнат ярмаркалари, ҳарбий чиқишлар намойиш этилиб, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилди, шунингдек, психолог маслаҳатлари ҳам берилди.
Сайил давомида Мудофаа бошқармаси оркестрлари ва маданият ходимларининг концерт дастури, спортчи ёшлар томонидан спортнинг каратэ, гимнастика ва дзю-до турлари бўйича чиқишлари намойиш этилди. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, Ҳунармандлар уюшмаси кўргазмаси, Х.Сулайманова номидаги суд экпертизаси ҳудудий бўлими ва Ички ишлар вазирлигига тегишли хизмат буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр тартибда 20 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Айниқса, фуқаролар О.Айтымбетов ва Ш.Қыдырбаеваларнинг турмуш қуриб, 8 ойдан бери бирга яшаб келаётганлиги, аммо никоҳи қайд этилмаганлиги муаммоси билан қилган мурожаати тез фурсатда ўрганилиб, ёш оиланинг хурсандчилигига сабаб бўлди. Шу ернинг ўзида ФҲДЁ бўлими томонидан уларга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси, М.Мамбеталиев ва Н.Асановаларга эса фарзандларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари топширилди.
Сайёр қабулда аҳоли томонидан 40 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 12 таси шу ернинг ўзида ҳал қилинди ва 28 таси назоратга олинди.
Шунингдек, адлия тизимида ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар доим муҳим ўринларда туради. Адлия вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар бугун 500 нафарни ташкил қилмоқда. Улар билан манзилли ишлаш мақсадида адлия органларига бириктирилган 1 070 МФЙда истиқомат қилувчи 424 494 нафар ёшларга 2 355 нафар адлия органлари ходимлари бириктирилган. 339 402 нафар ёшлар билан учрашилиб, анкеталар ва «йўл харита»лар шакллантирилган. Ушбу учрашувлар давомида ёшларнинг 33 124 та муаммолари аниқланиб, шундан 19 748 нафар ёки 60 фоиз ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинди.
Бундай тадбирларнинг амалга оширилиши аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиришга, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга, маданий дам олишларига хизмат қилади.
Шарҳлар