Қорақалпоғистонда ис газидан заҳарланиш ортидан бир оиланинг 5 аъзоси вафот этди
Тармоқларда Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 нафар аъзоси кечаси уйқуда ис газидан заҳарланиб, эрталаб уйғонишмабди, мазмунидаги хабарлар тарқалганди.
Anhor.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Маълум бўлишича, «Чимбой тумани, “Кеңес” ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.Бердаховнинг хонадонида, 15.12.2023 йил соат 11:45 лар чамасида, ўзи ва 6 нафар оила аъзоларининг хушсиз ҳолатда ётганлиги қўшнилари томонидан аниқланган ва тез тиббий ёрдам шифокорлари чақиртирилиб, текширилганида ушбу хонадонда яшаган 1957 йилда туғилган М.Бердахов, 1961 йилда туғилган З.Мамутова, 1986 йилда туғилган С.Бердахова, 2008 йил туғилган А.Артыкбаева ва 2011 йилда туғилган М.Артыкбаевлар вафот этганлиги аниқланган. Шунингдек, 1995 йилда туғилган Т.Оскинбаев, 2000 йилда туғилган А.Бекмуратовалар оғир аҳволда хушсиз ётганлиги аниқланиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган», – дейилган хабарда.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу ҳолатда ис газидан заҳарланиш аломатлари мавжуд бўлиб, уйнинг иситувчи қозонхонаси уй ичида ёниб турганлиги аниқланган.
«Мазкур ҳолат бўйича Чимбой туман прокуратураси томонидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда», – дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Шарҳлар