Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида: ҳозирга қадар нималар маълум
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев якшанба куни яна Нукусга учиб кетди. Бу ҳақда Flightradar24 маълумотлари гувоҳлик бермоқда. Давлат раҳбари шанба куни оммавий намойишлар бўлиб ўтган Қорақалпоғистон пойтахтида бўлиб, кечаси қайтиб келган эди.
Бугун эрталаб давлат раҳбари Қорақалпоғистоннинг барча туманларига уланган ҳолда видеоселектор йиғилишини ўтказди.
«Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг кечаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда», – деб ёзади президент матбуот хизмати.
SMS-хабарлар ва фавқулодда ҳолат
Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган Ўзбекистон мобил операторлари абонентлари тунда, ҳам ўзбек тилида, ҳам қорақалпоқ тилида Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисидаги Конституциянинг 70−75-моддалари амалдаги таҳрирда қолиши ва ўзгармаслиги ҳақида SMS-хабарномани олишди. Республикада интернетга кириш ҳали ҳам чекланган. Кўплаб аҳоли SMS`ни фақат эрталаб кўришганини хабар қилишди.
Президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июль куни соат 00:01 дан 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди. ФВ даврида соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амалда бўлади. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон Республикаси коменданти этиб тайинланди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида қуйидаги чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда:
— жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
— Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатланиш эркинлиги шу жумладан транспорт воситалари учун чекланади;
— жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилади, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилади, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилади;
— Қорақалпоғистонга кириш ва ундан чиқиш чекланади;
— тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
— юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
— қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланади. Шунингдек, дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади;
— жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилади.
«Ўзларинг [ўзгартишларни] тасдиқлагансизлар», президент — Жўқорғи Кенгесга
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатларининг ўзлари Конституцияда республиканинг мақомини ўзгартиш таклифини киритгани ва тасдиқлагани ҳамда аҳолининг норозилиги ҳақида хабар бермаганини танқид қилди.
«Салгина эътирозим. Мана шу ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар», — деди у.
«Мен ҳар доим очиқман-ку. Нимага менга одамлар норози деб, телефон қилиб айтмадинглар. Мен ҳам одам-ку. Менга ҳам Қорақалпоғистонни эртанги куни, тинчлиги керак-ку. Шунча қилган меҳнатимизни энди, шарманда қилиш кимга керак?» — дея савол билан юзланди президент.
«Мақсад-муддаомиз нима ўзи?, — дея сўзида давом этди у. — Мақсадимиз эмин эркин яшаш. Ҳар бир одам ўзини эркин тутиши, миллатидан, элатидан, тилидан, динидан қатъий назар Ватанимизда эмин-эркин яшаш».
«Конституцион ислоҳот фақат халқнинг эртанги кунини яхши қилиш учун. Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этиб ўтамиз, алоҳида нутқлар ва флешмоблар билан бошланган республика аҳолисининг норозилиги 1 июль куни Нукус марказида оммавий намойишларга айланиб кетган. Вафот этганлар ва жароҳатланган ҳақида хабарлар тарқалган.
Шарҳлар