Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича ҳибсга олинган яна 35 киши қўйиб юборилди
Қорақалпоғистондаги воқеаларда иштирок этган яна 35 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни мустақил ўрганиш бўйича комиссия хабар беради.
«Комиссия томонидан фуқаро мурожаатларини ўрганиш давомида содир этган қилмишига пушаймон ва ижтимоий шароити оғир бўлган айбланувчиларнинг учинчи рўйхати шакллантирилган ва уларни оиласига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган», – дейилади хабарда.
Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, Бош прокуратура томонидан 2022 йилнинг 1 ноябрь куни яна 35 нафар айбланувчини жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 август куни 34 нафар, 13-14 октябрь кунлари 38 нафар Мустақил Комиссия томонидан шакллантирилган рўйхатдаги айбланувчи оиласи бағрига қайтарилган эди. Комиссия ташаббуси билан яқинлари бағрига қайтарилган айбланувчилар сони 107 нафарга етди.
Шарҳлар