Orginfoда Ортиқҳўжаевга алоқадор компания салкам 40 млрд АҚШ доллари устав фонд билан рўйхатдан ўтгани кўрсатилмоқда

Фото: zamin.uz

Давлат харидлари порталида 2023 йилда амалга оширилган харидлар билан танишиш борасида давлат харидларини олишда давом этаётган Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқҳўжаевга тегишли компанияларнинг устав фондлари эътиборимизни тортди.

Orginfo очиқ маълумотлар портали

Orginfo очиқ маълумотлар портали

Таъсисчиси Ортиқҳўжаев Жаҳонгир Обидович бўлган J-UNITED GROUP МЧЖнинг устав фонди  Orginfo очиқ маълумотлар порталида 487 813 004 277 700,00 сўмни ташкил қилади деб кўрсатилган. Бу салкам 40 млрд АҚШ доллари дегани. registr.stat.uz расмий саҳифасидаги очиқ маълумотларда эса ушбу рақамларнинг сони 3 тага камайган, яъни 487 813 004 300 сўмни кўрсатмоқда.

registr.stat.uz расмий саҳифаси

Ушбу МЧЖ 2002 йилда давлат рўйхатидан ўтган, МЧЖ раҳбари сифатида Аминов Абдураҳим Абдуллаевич кўрсатилган. Фаолият соҳаси этиб “Турар жой бўлмаган биноларни ижарага олиш ва бошқариш” кўрсатилган. Компания Тошкент шаҳри, Беруний кўчаси 83 уй манзилида жойлашган.

Бу маблағлар ростдан ҳам ушбу компаниянинг устав фондими ёки ҳужжатларни тўлдириш жараёнида қандайдир хатоликга йўл қўйилганми деган савол пайдо бўлмоқда.  Чунки бири расмий иккинчиси норасмий бўлган очиқ маълумотлар базалари икки хил маълумотни кўрсатмоқда. МЧЖнинг гувоҳномасида кўрсатилган икки шахсий телефон рақами ва компанияга тегишли бўлган телефон рақам кўрсатиб ўтилган. Бунга аниқлик киритиш мақсадида ушбу телефон рақамлари билан боғланишга бўлган ҳаракатимиз самарасиз бўлди.

Айни пайтда Orginfo очиқ маълумотлар порталига эътибор қаратсак Ортиқҳўжаевга алоқадор 10 та ташкилот фаол иш олиб бораётганини кўришимиз мумкин. Уларнинг ҳам устав фондлари яхши маънода “ҳавас қиларлик” даражада кўп.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.