Тошкент вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди

Foto: Toshkent viloyati hokimligi

Турсунов Отабек Равшанбек ўғли Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар бермоқда.

Отабек Турсунов 1984 йилда Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 2007 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган.

Турсунов илк меҳнат фаолиятини Андижон шаҳар “Саноат қурилиш темп” МЧЖ таʼминотчиси вазифасидан бошлаган. Фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида масъулиятли лавозимларда ишлаган.

Тайинловга қадар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт, саноат, молия-банк, солиқ, давлат активлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган эди.

Вилоят ҳокими раислигида ўтган навбатдаги фаоллар йиғилишида Отабек Турсунов янги раҳбар сифатида таништирилди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.