Қорли Тошкент кўчаларини тозалашга кўпроқ техника ва ободонлаштириш хизмати ходимлари жалб қилинди
Қорли Тошкент кўчаларини тозалашга декабрь ойидаги вазиятга қараганда кўпроқ техника ва ободонлаштириш хизмати ходимлари жалб қилинган. Бу ҳақда “Газета” нашри пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Юсуповнинг сўзларига таянган ҳолда ёзади.
Кўчаларни тозалашга Ободонлаштириш бош бошқармаси (ОББ) ҳамда Марказий кўчалардан фойдаланиш, сақлаш ва таъмирлаш бўйича ихтисослашган бошқарма масъул қилиб белгиланган.
Ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ техника, жумладан, қор тозалаш машиналари (60 дона), цилиндрсимон чўтка ва роликлар билан жиҳозланган самосваллар (80 дона), кўчаларни қум-туз аралашмаси билан тозалаш ва сепиш учун махсус автомашиналар (53), аралашма юклагичлар (10 дан ортиқ) жалб қилинган.
Музлаган юзаларда сирпаниб кетмаслик ва уни эритиш учун қум ва туз аралашмаси ишлатилмоқда. Шаҳарда кучли ёғингарчилик бўлса, кунига тахминан 2500 тонна, қорли кунларда — 1000−1500 тонна аралашма ишлатилади.
Омборхоналарда 13 минг тонна аралашма бўлиб, туман ободонлаштириш бўлимлари ўртасида тақсимланган, — деди Рустам Юсупов.
Қўшимча қилинишича, аёзли кунларда туман ободонлаштириш бўлимларининг 4000 дан 6000 нафаргача ходимлари йўлакларни тозаламоқда.
Бироқ пиёдалар йўлакларининг кўп қисми қор ва муз билан қопланган. Улар биноларнинг биринчи қаватларида жойлашган ташкилотлар ходимлари томонидан тозаланади.
Шарҳлар