Орол денгизи ҳудудида “артемия цисталари”ни ноқонуний йиғиб юрган шахслар ҳибсга олинди

Фото: turonbank.uz

Қорақалпоғистон Республикаси Екология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, Мўйноқ тумани ички ишлар бошқармаси ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида Қозоғистон Республикаси чегара олди ҳудудлари, Орол денгизи қирғоқларида тезкор рейд тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар томонидан қиймати 102,9 миллион сўмга тенг бўлган жами 1029 кг “артемия циста”лари ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда йиғиб олиб кетилаётганлиги аниқланди ва тўхтатилди. Ҳолат натижасида табиатга 68 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирилганлиги маълум бўлди. Айни дамда ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, “артемия цисталари” Орол денгизининг қуриган соҳилларида ҳаёт кечиради. Хлорланган, сульфатланган, карбонат ва тузли муҳитда яхши кўпайишга ихтисослашган ушбу тирик мавжудотлар аквамаданият саноатида, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади. Орол денгизи ҳудудларидан “артемия цисталари”ни йиғиб олиш учун экология органлари томонидан квота берилиши ва табиатга зарар етказмаган ҳолда ушбу тирик мавжудот кўрсатилган миқдорлардагина фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.

.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.