Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга перинатал марказларни замонавийлаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари ажратмоқда
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар учун перинатал тиббий хизматларни яхшилашга кўмаклашиш мақсадида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли қарз ажратади.
Банкнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг сўзларига кўра, ОТБ Ўзбекистоннинг аёллар ва болалар саломатлигини асраш ҳамда оналар ва чақалоқлар ўлими даражасини камайтириш учун юқори сифатли перинатал тиббий хизматларни таъминлашга қаратилган интилишини қўллаб-қувватлайди.
Комплекс перинатал ёрдам лойиҳаси Ўзбекистон бўйлаб 230 га яқин перинатал марказларни замонавий энергия самарадор тиббий ускуналар, янгиланган клиник стандартлар ва протоколлар билан таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳияти ва хизматлар сифатини оширишга ёрдам беради.
Шунингдек, лойиҳа перинатал йўналтириш тизимини яхшилаш ҳамда ҳомиладорликни назорат қилиш ва саломатлик хавфларини эрта аниқлаш учун электрон бемор карталарини жорий этиш орқали перинатал ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Лойиҳа доирасида банк томонидан аёлларнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳомиладор аёллар ва оналарни тиббий хизматлардан фойдаланишга ундаш ва бунинг учун акушерлар ва ҳамшираларни ўқитишга кўмаклашиш кўзда тутилмоқда.
Шарҳлар