Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди
Ҳиндистоннинг Ню-Дели шаҳрида ўтаётган Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 44-Бош Ассамблея кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг раҳбарлик лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Ташкилотни вақтинчалик бошқариб бораётган Ража Рандхир Сингх ООК Президенти этиб сайланди. Шунингдек, 5 та минтақага вице-президентлар овоз бериш йўли билан аниқлаб олинди.
Аҳамиятли томони, Отабек Умаров Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланди. Бунгача Отабек Муҳаммадалиевич муддати қисқа бўлган давр – Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент эди. Бу вақтинчалик лавозим мусобақа якунигача амал қилса, Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президентлик доимий характерга эга ва энди ҳамюртимиз бутун қитъамиздаги 5 минтақадан бирида Олимпизм ривожига масъул бўлади.
Қайд этиш жоиз, Отабек Умаровнинг сўнгги йилларда спорт бошқарувида эришган муваффақиятлари алоҳида эътироф этилиб, бугун янада масъулиятли лавозимга сайланди ва энди у бутун Марказий Осиё минтақасидаги Олимпизм ҳаракатининг ривожига масъул бўлади.
Шарҳлар