ОТБ Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни яхшилашга 150 млн доллар қарз маблағини маъқуллади

Фото: АБР

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағини ва 400 минг доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати хабар беради.

ОТБнинг Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастурининг 2-фазаси биринчи кичик дастури давлат сектори бошқарувидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда ва чуқурлаштирмоқда. Дастур ҳукуматни молиявий бошқарувнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, давлат корхоналари (ДК) бошқаруви ва фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан рақобатни рағбатлантириш ва давлат секторининг ҳисобдорлигини ошириш учун монополияга қарши тизимларни такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий, меъёрий ва институционал базани ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

“Ўзбекистон уни янада очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига айлантиришга ёрдам берадиган ислоҳотларга қатъий содиқлигини намойиш этди, – дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков. “ОТБ макроиқтисодий барқарорликни, инклюзив ва барқарор ўсишни сақлаган ҳолда мамлакатга ушбу мақсадга эришишда ёрдам беришда давом этмоқда”.

Биринчи кичик дастур доирасидаги ислоҳотлар фискал хатарлар ва давлат қарзини бошқаришни мустаҳкамлаш, гендер жиҳатларни ва “яшил” бюджетни ҳисобга олган ҳолда бюджетни тузиш орқали давлат ресурсларининг тақсимлашни яхшилаш ҳамда ахборот технологияларига асосланган солиқ бошқаруви орқали ички ресурсларни сафарбар қилишни яхшилашга қаратилган. Шунингдек, улар ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтиради, коррупцияга қарши курашиш ва аудит тизимлари самарадорлигини оширади.

Дастур Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Аниқ миллий режа ҳукуматга Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ёрдам беради, инфратузилмани янгилайди ва ишчи кучини яшил иш ўринлари учун зарур бўлган кўникмаларга ўргатади.

“Давлат сектори инвестициялари учун фискал майдонни яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш мақсадида монополияга қарши тизимларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда давлат корхоналарининг молиявий шаффофлиги, корпоратив бошқарув ва профессионал бошқарувни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга”, – дейди ОТБнинг давлат бошқаруви бўйича бош иқтисодчиси Чидем Ақин.

400 минг доллар миқдоридаги техник кўмак гранти ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери ОТБ мамлакатга 10,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари, грантлар ва техник ёрдамни ажратди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.