ОТМларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлганлар қўлга тушди

Фото: Видеодан нусха

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида  далиллар билан ушланди.

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда, Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг АҚШ долларидан, жами 12 минг АҚШ доллари эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. У 11700 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Тошкент вилояти Чиноз туманида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3500 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Хоразм вилоятида Урганч давлат университетининг факультет декани Гурлан туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини мазкур олий таълим муассасасига ўқишга киришда бўладиган ижодий имтиҳонлардан ўтказиб бериш эвазига 2600 АҚШ доллари ва 2,5 млн. сўм олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.