18 та овқатдан заҳарланиш ҳолатида 143 нафар фуқаролар жабрланди

Foto: yuz.uz

2024 йилнинг 1 чорагида 18 та овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, бунда 143 нафар фуқаролар жабрланган, деб хабар бермоқда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси.

ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили хавфли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида 600 миллионга яқин инсон жабрланади.

«420 минг киши микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш натижасида вафот этади. Ачинарлиси, уларнинг 125 минг нафарини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этади», – дейилади хабарда.

Овқатдан заҳарланиш ҳолатларини таҳлил қилганда аксарият қисми уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида касалланганларга, кейинги ўринда эса кимёвий моддалардан заҳарланганлар ва ёввойи қўзиқорин истеъмол этиш натижасида заҳарланганларга ҳамда овқат токсикоинфекцияси қайд этилганларга тўғри келади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ишлаб чиқаришдан тортиб, йиғиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш, тайёрлаш ҳамда истеъмол қилишгача бўлган барча босқичларда муҳим роль ўйнайди. Ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичида озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши ёки зарарланиши хавфи мавжуд бўлиб, уларнинг хавфсизлиги учун ҳар бир иштирокчи – тадбиркор жавобгар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.