Ўзбекистон 10 мингдан ортиқ ҳамшира ва шифокорларни Буюк Британияга ишлаш учун юборади

Фото: спутник

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Британиянинг «NEU Professionals» рекрутинг агентлиги, Қироллик ҳамширалик коллежи, Ковентри университети ва «Мутахассис тил курслари» маркази вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Сафар давомида британия томони Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Олий таълим фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент тиббиёт академияси ва Самарқанд шаҳридаги «Medicon» университетида учрашувлар ўтказилган.

«Олиб борилган музокаралар натижасида, ўзбекистонлик 10 мингдан ортиқ тиббиёт соҳаси вакилларини чет тилларига ўқитиш орқали Буюк Британиядаги нуфузли шифохоналарга ишга қабул қилиш ҳамда 3 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик маош тўлаш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, «NEU Professionals» рекрутинг агентлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иш берувчи талаби, ушбу юртда ишлаш тартиби батафсил тушунтирилди», – дейилади хабарда.

Британия томони ўзбекистонлик тиббиёт соҳаси вакиллари, жумладан ҳамширалар ўрта тиббий ходим сифатида фаолият юритиш билан чекланиб қолмаслиги, балки қобилияти, интилиши, тажрибаси ва тил билишидан келиб чиқиб, вазифаси нуқтаи назаридан ўсиш имконига эга бўлишини таъкидлади.

«NEU Professionals» рекрутинг агентлиги 2013 йил чет эллик тиббиёт мутахассисларини Буюк Британиянинг Оксфорд университети шифохонаси ва бошқа тиббиёт муассасалари учун ёллашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Компания хориждан тиббиёт мутахассисларини Aнглия ва Уэльсга етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.