Ўзбекистон-АҚШ: божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов бошчилигидаги делегация Америка қўшма штатларида бўлиб, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим учрашувлар ва музокаралар олиб боришмоқда, деб ёзмоқда Божхона қўмитасининг матбуот хизмати.
Ташрифнинг асосий воқелиги – Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов ҳамда АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
«Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганидан сўнг ўтган 32 йил давомида иккала давлат божхона хизматлари раҳбарлари ўртасида бу форматдаги юзма-юз расмий учрашув илк бор ўтказилмоқда. Шу боисдан ҳозирга қадар ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси ҳам мавжуд бўлмаган. Давлатимиз Раҳбарининг 2018 ва 2023 йилларда АҚШга амалга оширган ташрифлари давомида эришилган муҳим келишувлар барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очиб берди», – дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг АҚШ билан товарлар ташқи савдоси сўнгги 6 йилда 48 фоизга ошди. Жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 64 фоизга ўсган. Аммо, мавжуд салооҳият ва имкониятлардан келиб чиқилса, бу кўрсаткичларни янада ошириш мумкин.
Бунинг учун энг аввало иккала давлат божхона хизматлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ахборотлар алмашинувини йўлга қўйиш орқали ташқи савдонинг кенгайишини рағбатлантиришга зарурат туғилади.
Шунинг учун ҳам музокараларда асосий эътибор божхонада хавфларни мониторинг қилиш, божхона тартиботларини рақамлаштириш ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларга қаратилди.
Учрашувнининг тарихий аҳамияти шундаки, Ўзбекистон-АҚШ божхона хизмати раҳбарлари божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим ҳуқуқий асоси – “Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги Битимни имзолашди.
Ўзаро муносабатларда янги саҳифа очувчи мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини беради ва гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Эътиборли томони шундаки, АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимларни дунё бўйлаб 200 га яқин давлатлар ичида атиги 17 та давлат билан имзолаган бўлса, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат сифатида қайд этилмоқда.
Айни шу жиҳатнинг ўзи мамлакатимизда божхона соҳасини тубдан такомиллаштириш ва рақамлаштириш борасида эришилган ютуқлар халқаро даражада тан олинаётганини кўрсатади.
Музокараларда АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов АҚШ Чегара ва божхона хизмати комиссари Томас Миллерни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Миллий таргетлаш маркази, Кинология академияси, Техасдаги Сан-Антонио халқаро аэропорти, Ларедо шаҳридаги “World Trade Bridge” авто чегара божхона пости, «Техас-Мексика» халқаро темир йўл ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишишлари режалаштирилган.
Шарҳлар