Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пастлади

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилотининг 2024 йилги рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади. Ўзбекистон 2023 йилда 137-ўриндан жой олган эди. Бу йил кўтарилиш ўрнига пастлаш кузатилган.

Ўзбекистоннинг бундай паст ўриндан жой олишига бир қанча сабаблар келтирилган. Жумладан, мамлакатда ҳокимиятни танқид қилиш мураккаблиги. Яъни ОАВлар ёпилиб кетишдан қўрққанидан танқид қилишдан ўзини тияди ва давлат манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, айирим махаллий интернет нашрлар цензурадан қочиш мақсадида расмий ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишни ҳохламайди.

«Расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширмаган. Цензура, кузатув ва ўзини-ўзи цензура қилиш кенг тарқалган», – дейилади хабарда.

Ташкилотнинг ёзишига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Улар асосан Россиянинг Одноклассники, Facebook ва Телеграм платформаларида жуда фаол ва ушбу платформалардаги баъзи гуруҳлар коррупция ҳақида маълумот алмашади, бу масалани расмий ОАВ эса деярли ёритмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.