Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси халқаро Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинди
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтган Мусулмон донишмандлар кенгаши йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгашга қабул қилингани эълон қилинди. Бу ҳақда идоранинг матбуот хизмати хабар беряпти.
«Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирган. Аҳмад Тоййиб жаноблари ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси аъзо қилинганига алоҳида урғу қаратган», – дейилади хабарда.
Йиғилишда иштирок этаётган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинганлари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юксак эътироф этишган.
Шарҳлар