Учрашув икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
«Кейинги йилларда олий даражадаги ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш руҳидаги фаол мулоқот натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди. Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда – парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим», – деди Шавкат Мирзиёев.
Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсадида чегараолди савдо механизмлари ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.
Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишладилар.
Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинган.
«Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилган. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар», – дейилади хабарда.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга келишиб олган ва замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Йиғилиш давомида мамлакатлар минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдириб, йиғилиш давомида Бош вазирлар ўринбосарлари, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги вазирларининг кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланган.
Шарҳлар