Ўзбекистон ва Буюк Британия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи
Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Айланма биоиқтисодиёт алянси хайрия ташкилоти ижрочи директори Марк Палаҳи билан учрашув ўтказди.
Марк Палаҳи Ўзбекистон ҳукумати томонидан Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳамда республикада биохилма-хилликни тиклаш ва сақлаб қолиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолаган.
«Айланма биоиқтисодиёт алянси ҳам айни пайтда дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва ер ресурслари сифатининг пасайиши шароитида табиатга нейтрал, инклюзив ва у билан уйғунликда иқтисодиётни ривожлантириш ечимларини таклиф этади», – дейилади хабарда.
Музокаралар натижасида Айланма биоиқтисодиёт алянси билан республикада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилган.
2020 йилда ҳозирги Буюк Британия қироли Чарлз III томонидан ташкил этилган «Айланма биоиқтисодиёт алянси» 2023 йил сентябрь ойида расман хайрия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилган. Алянс иқлимга нейтрал, инклюзив ва табиат билан уйғунликда ривожланувчи биоиқтисодиётга ўтишни тезлаштириш учун ҳукумат ва нодавлат ташкилотларига билимларга асосланган ҳамкорлик платформасини тақдим этади. Ташкилот фаолияти ҳозирги вақтда Британия қироллик оиласи ва Европа ўрмон институти томонидан қўллаб-қувватланади. 50 га яқин маҳаллий ва хорижий илмий институтлар, йирик корпорациялар, банклар ва фондлар, ННТ ва ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилади
Шарҳлар