Ўзбекистон ва Мўғулистон парламентлараро ҳамкорлигининг истиқболлари кўриб чиқилди

Foto: Senat axborot xizmati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати ёзмоқда.

Ташриф доирасида икки мамлакат етакчиларининг олий даражадаги музокаралари очиқ ва ишчан муҳитда бўлиб ўтгани, мулоқотнинг самарали натижалари ҳақида сўз борди. Бу тарихий ташриф икки мамлакат ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

«Давлат ташрифи давомида имзоланган жами 14 та ҳужжат мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичда олиб чиқиши, Ўзбекистон ва Мўғулистон муносабатлари тарихида янги саҳифа очишга туртки бўлиши айтиб ўтилди», – дейилади хабарда.  

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Етакчи компания ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилаётгани таъкидланди.

Учрашувда маданият, таълим, туризм соҳаларида фаол алмашинувларнинг йўлга қўйилиши ҳалқларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

«Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон – Мўғулистон парламентлари дўстлик гуруҳлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди», – дейилган.

Муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Мўғулистон Буюк Давлат Хурали ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш масаласи қўллаб-қувватланди.

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.