Ўзбекистон ва Қозоғистон Европага электр энергиясини сотиш имкониятига эга бўлади

1 май куни Тошкентда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида уч давлат энергетика тизимларини улаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Interfax хабар бермоқда.

Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ҳужжатнинг амалга оширилиши томонларга “яшил” энергия ишлаб чиқаришда ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини беришини таъкидлади. Бундан ташқари, уни Озарбайжон орқали Европага экспорт қилиш йўлга қўйилади, энергия тизимлари интеграцияси ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш таъминланади.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжатга кўра, иштирокчилар Каспий денгизи туби бўйлаб юқори вольтли кабел ётқизиш орқали энергия тизимларини улаш имкониятларини ўрганадилар. Ушбу лойиҳани амалга оширишнинг асосий ёндашувлари аллақачон муҳокама қилинган ва келишилган.

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг сўзларига кўра, техник топшириқлар доирасида халқаро узатиш йўлакларини ривожлантириш ва “яшил” энергияни Европа Иттифоқи мамлакатларига сотиш бўйича таклиф этилаётган бизнес модели ишлаб чиқилади.

Уч мамлакат энергетика вазирликлари Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқди. Бугунги кунга келиб мазкур лойиҳани амалга оширишнинг асосий ёндашувлари муҳокама қилинди ва келишиб олинди, — дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.