Президент Хитой делегациясини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1-апрель куни жорий йилнинг январь ойида ўтган олий даражадаги учрашувдаги келишувлар доирасида мамлакатга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар қайд этилган.

Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилган ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.