Ўзбекистонда криптодўконлар учун йиғимлар миқдори оширилди
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг буйруғи билан криптоактивлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширганлик учун йиғимлар миқдорини, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, криптобиржа учун йиғим 400 БҲМдан 740 БҲМга (136 миллион сўмдан 251,6 миллион сўмга), криптодўкон учун – 20 БҲМдан 185 БҲМга (6,8 миллион сўмдан 62,9 миллион сўмга) оширилди.
ИЛМАнинг қайд этишича, крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини таҳлил қилиш уларнинг фаолиятининг етарли даражада рентабеллигини кўрсатди.
Шу муносабат билан давлат бюджетига қўшимча маблағлар тушишини таъминлаш мақсадида йиғимлар ўзгартирилди.
Қайд этилишича, киритилаётган ўзгартиришлар хизмат кўрсатувчи субъектларнинг молиявий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатмасдан, давлат бюджетига тушумларни камида 2 баробар ошириш имконини беради.
Ушбу ўзгартиришлар расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
Шарҳлар