“Крокус”даги теракт чоғида ўзбекистонлик йигит 100 дан ортиқ одамни қутқарган
Официант бўлиб ишлайдиган Ўзбекистон фуқароси Комил Несибов Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги теракт чоғида 100 дан ортиқ одамнинг ҳаётини сақлаб қолган, деб хабар беради Shot Telegram-канали.
Несибовнинг ўзи каналга маълум қилишича, фожиа юз берган куни у дўсти билан “Крокус”да ишлаётган бўлган. Смена 19:55 атрофида тугаган. Йигитлар кўчага чиққанида пақиллаш овозларини эшитган. Несибов дўсти билан яқин орадаги бинога кириб олган, аммо кейин қайтишга қарор қилган. Несибов ўқ тегишидан яраланган бир нечта одамни йўл четига тортиб чиқарган, автомобилни тўхтатиб, чўлоқланаётган аёлни ўтқазган ва концертга кечикиб келаётганларнинг барчасини тарқатиб юборган.
Сўнг бинога кириб, эшикларни уриб очган ва одамларга қайси томонга қочишни кўрсатган. Тутун ичида қолган йўлаклардан бирида 80 га яқин одам тўпланиб турганини кўрган ва уларга ташқарига чиқишда ёрдамлашган.
“Одамларни қидириб югуриб юрган вақтимда чироғи ёниқ ҳолда ерда ётган смартфонни кўриб қолдим, йўлни ёритиш учун уни оволдим. Шунда телефон жиринглаб қолди, Камилла деган исм чиқди, бир қиз бақир-чақир қилиб, қутқаришни сўрай бошлади”, — деди Несибов.
У ўша вақтда ФВВ ходимлари ёнида бўлган ва қизнинг қаердалигини уларга тушинтирган. Охир-оқибат қизни топишган.
Аввалроқ “Крокус Сити Холл” гардеробида ярим кунлик тартибда ишлаган оддий мактаб ўқувчиси теракт пайтида 100 дан ортиқ одамни бинодан олиб чиққани хабар берилган эди.
Шарҳлар