Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси Виталий Василевич Фен вафот этди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Виталий Василевич Фен вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қилади, деб ёзмоқда вазирлик матбуот хизмати.

«Виталий Фен бутун умрини Ватанимизга хизмат қилишга бағишлаган атоқли давлат арбоби, спорт устаси ва профессионал дипломат эди. У 25 йил давомида Ўзбекистоннинг Сеулдаги дипломатик ваколатхонасини бошқарди ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Унинг кўп йиллик фаолияти Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларининг мустаҳкамланишида ўчмас из қолдиради», – дейилади хабарда.

Виталий Василевич Фен “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати”, шунингдек, Жанубий Кореянинг “Гвангхва” орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.