Ўзбекистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари Эркин Самандар вафот этди

Фото: Gazeta.uz

13 апрель куни кечаси Урганчда Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, журналист, ёзувчи, шоир ва драмагатург Эркин Самандар 90 ёшида вафот этди, деб ёзмоқда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати.

Эркин Самандар 1935-йилнинг 22-мартида Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Навхос қишлоғида дунёга келган. 1957-йили вилоят Педогогика институтини, 1967-йили ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасини тамомлаган. Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студиясининг бош муҳаррири, адабий-драматик эшиттиришлар дастурининг бош муҳаррири, “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасининг муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатган.

«Биринчи шеърий тўплами “Аму жилолалари” (1966) номи билан чоп қилинган. Шунингдек, унинг “Дунёнинг ёшлиги” (1968), “Осмон тўла нур” (1970), “Вафо деган гавҳар” (1973), “Менинг йигитлик вақтим” (сайланма, 1979), “Қабул соатлари” (1980), “Соҳилдаги болалар” (1982), “Яблоня во дворе” (Москва, 1982), “Баҳор оқшомлари” (1984), “Шедрост рассвета” (1985), “Севги фасллари” (1987), “Бу боғни қайси боғ дерлар” (1988), “Севги китоби” (1996), “Ва яна баҳор” (2010, Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда), “Кўнгил ёшлиги” (2010) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Осмоннинг тош тулпори”, “Олтин сандиқ”, “Қўшиқ излаб”, “Самарқандни ошиқлар қурган” каби достонлари, 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифидир», – дейилади хабарда.

Эркин Самандар тарихий мавзуда яратилган “Дарёсини йўқотган қирғоқ” (роман, 1989), “Тангри қудуғи” (роман, биринчи китоб 1989), “Қудуқ тубидан садолар” (роман, иккинчи китоб, 1989), “Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий” (2000), “Султон Жалолиддин” (роман, 2007), “Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий” (роман, 2009), “Ғайб қушлари” (роман, қисса ва ҳикоялар, 2011) каби китоблар муаллифи ҳамдир.

Драматург сифатида “Жавоҳир” (мусиқали драма, 1984), “Аждодлар қиличи” (тарихий драма, 1986), “Жалолиддин Мангуберди” (“Ёт ҳужра”, пьеса, 1988), “Башорат” (мусиқали драма, 1988), “Арабмуҳаммад” (тарихий драма, 1992), “Дилда борим” (мусиқали комедия, 2012) каби саҳна асарларини ёзди. “Аваз Ўтар”, “Мадраим Шерозий”, “Минг отлилар диёри”, “Огаҳий қўлини олган раис”, “Хива”, “Қум сайли” каби ҳужжатли-публицистик фильмлар яратди, кўплаб эсселар ёзди.

Хоразм вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Дилда борим” (2012) ва “Жалолиддин Мангуберди” (2019) спектакллари саҳналаштирилган.

Эркин Самандар миллий адабиётимиз ва журналистикамизни ривожлантиришдаги самарали ҳиссаси учун Ватанимизнинг олий мукофотлари – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1990) фахрий унвони ва “Дўстлик” (2015) орденига сазовор бўлган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ва кўп сонли аъзолари уюшма аъзоси Эркин Самандарнинг вафоти муносабати билан унинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.